12 Декабр 2020 йил 487

ИИБ жамоаси мутлақ ғолиб бўлди

Бўка туман ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ ва солиқ органлари ходимларидан ташкил топган жамоалар ўртасида футбол ўтказилди. Қизғин ўтган ўйинларнинг якуний натижасига кўра ИИБ жамоаси биринчиликни қўлга киритди.

Тошкент вилояти ҳамда вилоятнинг барча туман, шаҳар сектор раҳбарлари бошчилигида, ходимлар ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни оммавий спортга жалб қилиш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил қилиб келинмоқда.

Жумладан, бугун Бўка туманида сектор раҳбарлари ташаббуси билан туман ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ ва солиқ органлари ходимлари ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди.

Қуръа ташлашга кўра: «Ҳокимлик»-«Прокуратура» ва «ИИБ»-«Солиқ» жамоалари бир-бирларига қарши тўп суришди.

Дастлабки натижалар билан туман ҳокимлиги 2:1 ҳисобида прокуратура жамоасидан устун келиб финалга чиқди.

«ИИБ»- «Солиқ» жамоалари ўртасидаги муросасиз ўйинда эса 7:2 ҳисобида ИИБ ходимлари устунликни қўлга киритди.

Финалда «Ҳокимлик»-«ИИБ» жамоалари ўртасида кескин кураш бориб, якуний натижаларга кўра 3:1 ҳисобида ИИБ жамоаси мутлақ ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни туман ҳокимлиги, учинчиликни эса туман солиқ бошқармаси жамоаси эгаллади.

Ўйин сўнгида ўртоқлик учрашувидаги ҳолат ва вазиятлар қизғин муҳокама қилинди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech