25 Март 2021 йил 910

Президент ташриф буюрган “Ифтихор” маҳалласининг бугунги куни – ФОТОРЕПОРТАЖ

Жорий йилнинг 18-19 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида Чирчиқ шаҳридаги ушбу маҳаллада ҳам бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-маданий муҳитини яхшилаш бўйича қатор вазифа ва топшириқлар берган эди.

Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигидаги тезкор штаб масъуллари Чирчиқ шаҳар «Ифтихор» МФЙдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ҳудудни намунали маҳаллага айлантириш юзасидан бир қатор ишларни олиб боришмоқда.

ИИББ бошлиғи дастлаб, маҳалла ҳудудини яёв айланди. Ҳар бир кўча, кўп қаватли уй, боғча ва мактаб, дала ҳовли ва сув ҳавзаси атрофларини яна бир бор кўздан кечирди. Ушбу жойларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича масъулларга алоҳида топшириқлар берилиб, ижроси назорат қилинмоқда.

Тадбирга вилоят, шаҳар ИИО ходимлари билан бирга қатор ташкилотлардан 200 га яқин ишчи кучи ва 100 га яқин техникалар жалб қилинди.

Жумладан, ўтган бир ҳафта давомида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудуддаги 1000 метр масофадаги ички ариқлар тозаланиб, кўчалар текисланди. 63 та эски типдаги автотураргоҳларнинг ўрнига янгисини қуриш режаси тасдиқланди.

Маҳаллада мавжуд 400 га яқин дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Кўп қаватли уйлар ҳам қайта кўздан кечирилиб, камчиликлари бартараф этилди, кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилди.

Шу билан бирга, вилоят ИИББ бошлиғи маҳалла аҳолиси билан суҳбат ўтказди ва уларнинг мурожаатларини тинглади. Ўндан ортиқ мурожаат шу еринг ўзида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Аҳолининг асосий муаммолари уй-жой, бандлик ва кадастр юзасидан бўлган бўлса, «Ёшлар» «Аёллар» ва «Темир» дафтардаги бир фуқаро билан алоҳида суҳбат қилиниб, муаммони ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, ҳозирда аҳолининг ички ишлар органлари билан боғлиқ мурожаатлари билан тегишли ходимлар шуғулланиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Маҳалладаги ижтимоий-маданий муҳитни яхшилаш ва давлат раҳбари берган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан бу йўналишдаги ишлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech