4 Июн 2025 йил 2433

Ички ишлар органлари ходимлари ва оила аъзолари учун маданий концерт дастурлари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг фармойишига асосан, ички ишлар органлари ходимлари, ишчи-хизматчилари ва фахрийлар учун маданий-маънавий дам олиш тадбирлари ташкил этилди. Шунингдек, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг оилаларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ, Янгийўл шаҳри ва Бўка туманидаги маданият муассасаси ва стадионда концерт дастурлари ўтказилди. Уларда ИИВ Маданият саройи қошидаги ашула ва рақс ансамбли, созандалар ва бадиий сўз усталари иштирок этди. Тадбирлар вилоятдаги барча туман ва шаҳар ички ишлар бўлинмалари ходимларини қамраб олди.

Концертлар давомида хизмат бурчи йўлида ҳалок бўлган ходимлар ёдга олинди, уларнинг оила аъзоларига ҳурмат кўрсатилди. Шунингдек, меҳнат фахрийлари ва фаол ходимлар ҳам эътироф этилди.

Тадбирлар ходимларнинг маънавий ҳордиқ чиқаришига хизмат қилгани ва ижобий руҳий кайфият уйғотгани билан аҳамиятли бўлди. Улар ички ишлар органлари ходимларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ишлар доирасида ўтказилди.

Text to speech