28 Феврал 2021 йил 600

Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ташкил қилган гуруҳ жиноят устида ушланди

Тошкент вилояти ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ва соҳавий хизмат ходимлари томонидан Зангиота туманида яшовчи «Шавкат» исмли шахс бир неча кундан буён ноқонуний равишда моддий манфаатга эга бўлиш мақсадида туманнинг Бўзсув МФЙ ҳудудида махсус арена (ўйингоҳ) ташкил қилиб, таваккалчиликка асосланган «хўроз ўйини» ўтказиб келаётганлиги аниқланди. Вилоятда ўтказилаётган "зарбдор ойлиги" самарали ташкил этиш ва жиноятга чек қўйиш мақсадида 27 февраль куни тезкор тадбир ташкил этилди.

Ўтказилган тадбир давомида 1980 йилда туғилган Шавкат Э. ва шериклари 1986 йилда туғилган Зайнитдин Х., 1994 йилда туғилган Шерали Д. лар воқеа жойида далилий ашёлар билан вилоят ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

Ушланган шахслардан: ўйингоҳга кириш ва ўйинга қатнашиш эвазига берилган 1 млн 910 сўм миқдоридаги нақд пуллар, шунингдек, хўроз билан ўйинга қатнашмоқчи бўлган фуқаролар – 1989 йилдан туғилган Руслан Х., 1963 йилда туғилган Бахтиёр Ҳ. ва 1993 йилда туғилган Абдурасул С.лардан 4та хўроз далилий ашё сифатида холислар иштирокида олинди.

Ўтказилган суҳбат давомида, Шавкат Э. қилаётган иши ноқонунийлигини билса ҳам ўз маблағи ҳисобидан «хўроз аренасини» қурганлиги, жамоага аъзолар йиғиб уларга вазифаларини тақсимлаб берганлиги ва икки ҳафтадан буён «хўроз ўйини» ташкил қилиб келаётганлиги аниқланган. Шунингдек, ўйинни томоша қилиш учун келган ҳар бир фуқародан беш минг сўмдан 20 минг сўмгача, хўроз билан ўйинга қатнашмоқчи бўлганлардан эса ўйинга тикилган маблағнинг 10 фоизи миқдордаги пулларни ўзлаштириб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Шу билан бирга, республикамизда амалда бўлган карантин қоидаларини бузилганлиги, 200 нафардан ортиқ фуқаролар бир жойга йиғилиб, таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этаётганлиги, ўйингоҳдаги санитар, хавфсизлик ва бошқа қоидалари мутлақо талабга жавоб бермаслиги аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech