4 Март 2022 йил 1807

Хотира азиз Жасорат мангу — Марҳум полковник Абдукарим Юлбарисов бугун 68 ёшни қаршилар эди

Абдукарим Юлбарисов 1954 йил 4 март куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Ўртасарой (ҳозирги пайтда Абдукарим Юлбарисов номидаги) қишлоғида туғилган.

1972-1974 йилларда ҳарбий хизматда бўлган. 1975 йили икки йиллик милиция мактабини тамомлаб, ички ишлар органлари сафида фаолият кўрсата бошлаган. Хизмат жараёнида Тошкент давлат университетининг юридик факультетида сиртдан таҳсил олган. 1977-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг бир қатор вилоят бошқармалари ва туман бўлимларида масъулиятли лавозимларда сидқидилдан хизмат қилган.

2003 йили қуролланган жиноятчини зарарсизлантириш ва қўлга олиш чоғида ҳалок бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Абдукарим Юлбарисов вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан мукофотланган.

Полковник. Бундай юксак унвон ҳеч бир ходимга ўз-ўзидан берилмайди. Бу даражага эришиш учун неча йиллар заҳмат чекиш, эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлида тунларни ўтказиш, вақти келганда эса жасорат ва матонат кўрсатишга тўғри келади. Ана шу унвонга муносиб деб топилган инсонлар буни яхши ҳис қилишади. Кўп йиллар ички ишлар тизимида турли масъул лавозимларда самарали фаолият кўрсатган полковник Абдукарим Юлбарисов, таъбир жоиз бўлса, жиноятчиликка қарши курашиш борасида ўзига хос мактаб яратишга эришган эди. Шу боис у ҳамкасбларининг ҳурматига, эл-юртимизнинг меҳрига сазовор бўлди. Зотан, Абдукарим Юлбарисов қайси ҳудудда хизматни олиб борса, тез орада ўша ерда жиноятчилик кескин камаяр, аҳолининг осойишта ҳаёти таъминланар эди. A.Yulbarisov йигирма олти йиллик хизмати давомида Тошкент шаҳрининг Бектемир, Мирзо Улуғбек туманлари, Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Оққўрғон, Оҳангарон туманлари ва Сирдарё вилояти ички ишлар органларида масъулиятли лавозимларда хизмат қилди. Ҳуқуқ-тартибот соҳасида улкан билим ва тажриба тўплагани инобатга олиниб, 2001 йили у Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасининг бошлиғи этиб тайинланди.

Ўша пайтларда мен бошқарма котибиятида катта референт вазифасида ишлардим, - дея ҳикоя қилади подполковник Аббос Узоқов. Бир куни Абдукарим ака хизмат юзасидан Чироқчи туманига йўл олди. Орадан уч-тўрт соат ўтгач менга қўнғироқ қилиб, хизмат уйидан ўзига бошқа оёқ кийими олиб келиб қўйишни тайинлади. Топшириқни бажардим. Кечга яқин у киши кутилмаганда бошқармага ялангоёқ ҳолда қайтиб келди. Кейинчалик маълум бўлишича, Абдукарим ака ўша куни далада резина этигини ечиб қўйиб ишлаётган деҳқонга дуч келибди. Унинг олдига бориб, бунинг сабабини сўрабди. «Оилада жўжабирдай жонмиз, дебди деҳқон, этигимни ҳадеб кияверсам тез эскиради, кейин харажатим ҳам кўпаяди». Бу гапдан таъсирланган полковник деҳқонга ўзининг кийиб юрган пойабзали билан чўнтагидаги бор пулини бериб келибди. Абдукарим ака ана шундай ажойиб инсон эди...

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасининг фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Содиқ Исломовнинг таъкидлашича, полковник Абдукарим Юлбарисов вилоятга келган дастлабки кунлариданоқ ўзини шу юртнинг фарзандидек ҳис қилиб, ғайрат билан ишга киришиб кетади. У киши энг чекка қишлоқларга ҳам бориб, оддий одамларнинг яшаш шароити, муаммоларни ўрганади ва уларга ечим топишда амалий кўмак беради. Бир гал A.Юлюарисов Муборак туманининг чеккароғида жойлашган бинонинг хароб ҳолга тушиб қолганига гувоҳ бўлади. Дарҳол Муборак нефть-газ конлари унитар шуъба корхонаси раҳбарияти билан мазкур бинони ёшлар соғломлаштириш марказига айлантириш борасида маслаҳатлашади. Таклиф уларга ҳам маъқул бўлади. Тез орада мазкур бино тубдан таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этади. У киши ана шу соғломлаштириш маркази ёнида ички ишлар идорасининг таянч пункти қуриб фойдаланишга топширилишига ҳам бош-қош бўлади. Кейинчалик мазкур таянч пунктида яратилган шарт-шароитлар, амалга оширилаётган ишлар «Энг яхши милиция таянч пункти» кўрик-танловида ҳам юқори баҳоланади. Кези келганда шуни ҳам айтиш лозимки, Муборак туманидаги мазкур ёшлар соғломлаштириш марказига кейинчалик Абдукарим Юлбарисов номи берилди.

2003 йил 9 апрель куни Чироқчи тумани ички ишлар бўлимига «Бешчашма» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Араббанди қишлоғида ака-ука ўртасидаги можаро отишмага айлангани ҳақида ташвишли хабар келиб тушди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари, майор Ш.Қурбонов бошчилигида тергов-тезкор гуруҳи зудлик билан воқеа жойига етиб боришди. Маълум бўлишича, ака-ука Аҳрор ва Маҳмарасул Шукуровлар ўзаро тортишиб қолишади.

Шундан сўнг Аҳрор иккита ов милтиғи билан уйнинг чордоғига яшириниб, уларга қарата ўқ узишга тушади. Тергов-тезкор гуруҳи аъзоларининг жанжалкаш ака билан олиб борган музокаралари ҳеч қандай наф бермади. Шундан сўнг уни қўлга олишга киришилди. Қўшалоқ милтиқ билан қуролланган А.Шукуров уларга фаол қаршилик кўрсатиб, ҳатто майор Ш.Қурбоновга тан жароҳати етказишга ҳам улгурди. Бу орада вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Юлбарисов бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи ҳам воқеа жойига етиб келишди. Шу куни полковник хавфли жиноятчини қуролсизлантириш ва қўлга олиш вақтида жасорат ва мардлик кўрсатди. Бироқ, афсуски, у кутилмаганда жиноятчининг отган ўқидан оғир яраланиб, ҳаётдан кўз юмди.

Ажойиб инсон ва жонкуяр раҳбар, полковник Абдукарим Юлбарисовнинг порлоқ хотираси ҳамкасблари ва оддий инсонларнинг қалбидаумрбод муҳрланиб қолди. Унинг юртимиз осойишталигини таъминлаш йўлида қилган хизматлари, амалга оширган эзгу ишлари ҳеч қачон унутилмайди. Бугунги кунда қишлоқ, кўча ва соғломлаштириш масканига унинг номи берилгани ҳам фикримиз далилидир.

“Мард ўглонлар номи барҳаёт” китобидан, 2018

Ҳозирда фарзанди ва набираси Тошкент вилояти ИИО сафида намунали хизмат қилиб келмоқда.

Text to speech