Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир бўлиши бевосита уларнинг руҳий ҳолатига ҳам боғлиқ – майор Гулсара Тиллаева
Куни кеча Зангиота тумани ИИБ Хотин-қизлар масаласи бўйича инспектор майор Гулсара Тиллаева ташаббуси билан тумандаги 2-сонли касб-ҳунар мактабининг ўқувчи қизлари иштирокида психологик тренинг машғулотлари ўтказилди.
Ҳозирда бу касб-ҳунар мактабида ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ўқитилади. Олиб борилган профилактик суҳбат давомида айнан психологик кўмакка муҳтожлиги мавжуд 38 нафар қизлар аниқланиб, улар учун семинар-тренинг ташкил қилинди.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир бўлиши бевосита уларнинг руҳий ҳолатига ҳам боғлиқ, -дейди майор Гулсара Тиллаева. – Чунки, ҳозирда уларнинг балоғат ёшида бўлганлиги, интернет ва бошқа томондан турли хил ахборот олиши, қолаверса, оиладаги салбий муҳит бунга замин яратувчи омилдир. Шуларни инобатга олиб ушбу мактаб мисолида тумандаги таълим муассасалари ўқувчи қизлари, шунингдек, маҳалла хотин-қизлари билан алоҳида профилактик тадбирлар ўтказиб келаман. Ушбу ҳамкорликда ўтказилган психологик тренинг шулар жумласидан. Асосий мақсад – улар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, жойларда соғлом муҳитни шакллантиришдир. Зеро, қизларимиз ҳам жисмонан ҳам маънан соғлом бўлса, бу албатта миллат келажагидир.
Семинар давомида қизлар билан суҳбат қурилди, уларнинг орзу-истаклари билан ўртоқлашилди. Тренингдан руҳланган қизлар тадбир ташкилотчиларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.
ИИББ Ахборот хизмати