Хотин-қизлар учун психологик тренинглар ўтказилиб, меҳнат ярмаркалари ташкил этилди
Тошкент вилояти ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва бошқа соҳавий хизмат ходимлари томонидан ҳар бир маҳалла кесимида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандилиги таъминлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар юзасидан амалий профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Оққўрғон ва Янгийўл туманида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар бўйича тадбирлар бўлиб ўтди. Унда ҲПБ ва унинг қуйи тизим масъуллари, туман ҳокимлиги ва ҳамкорликдаги ташкилот вакиллари ва психологлар иштирок этди.
Психологлар иштирокида ўтказилган терингларда, хотин-қизларни қийнаётган баъзи муаммоли вазиятлардан чиқиш, унга ечим топиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш ва бошқа мавзулар юзасидан сўз бориб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Тадбир давомида «Меҳр» махсус операциясида Суриядан олиб келинган аёл ҳам иштирок этиб, у ерда ўтган ҳаёти ва ҳозирги куни ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди. Инсон ҳаётдаги ҳеч нарса тинчлик ва хотиржамликка, оила даврасида ҳаёт кечиришга тенг келмаслигини тушуниб етганини таъкидлаб, давлат раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу билан бирга ўсиб келаётган ёш қиз ва аёлларимизга ўнинг ўтган ҳаёт йўли ибратли мисол бўлишини айтиб, хулоса қилишга чақирди.
Шу билан бирга, жойларда ҳудудий Бандлик бўлимлари ва ҳамкорликдаги ташкилотлар билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.
ИИББ ҲПБ масъулларидан иборат гуруҳ ишни хонадонлар кесимида давом эттиришди. Хусусан, боқувчисини йўқотган, ёлғиз ва кўп болали оналар, «аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар уйларида бўлиб, моддий ва маънавий кўмак кўрсатишди.
ИИББ Ахборот хизмати