19 Июн 2020 йил 720

Хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этмаган ходимга қатъий чора кўрилади. ИИББда видеоселектор ўтказилди

Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармасида «шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликка риоя этилишини таъминлаш» мавзусида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Тадбирда, Ички ишлар вазирлиги масъуллари, бош бошқарма ва унинг қуйи тизимлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этди.

Йиғилиш аввалида бош бошқарма бошлиғи, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида сўз юритиб, мавжуд камчиликларга тўхталиб ўтди.

Сўзга чиққан ИИВ вакили, ходимларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини назорат қилиш, психологик хизмат сифатини ошириш юзасидан фикрлар билдирди. Таъмагирлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик, бундай ҳолатлар юз берганда қатъий чоралар ҳақида огоҳлантирди. Шу билан бирга, хизматига содиқ, ҳалол меҳнат қилаётган ходимларни қўшимча рағбатлантириш масаласига ҳам эътибор қаратди.

Шунингдек, бош бошқарма бошлиғи томонидан масъул раҳбарларга, ҳар бир ходим билан алоҳида ишлаш, ходимлар хизмат шароитини янада яхшилаш, шунингдек, оилавий муҳитини ўрганиш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш, билим ва кўникмаларини ошириш орқали, улар билан содир бўлиши мумкин бўлган турли ҳолатлар, жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан топшириқлар берилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech