5 Октябр 2024 йил 5992

Хитойнинг Жамоат хавфсизлиги университети делегацияси Тошкент вилояти ИИББ фаолияти билан танишди

Бугун Жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимлари фаолияти халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортмоқда.

Хусусан, куни кеча Хитой Халқ Республикаси, Жамоат хавфсизлиги университетининг 30 кишилик делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди. Ушбу делегация таркибида университет ўқитувчи ва талабалар бўлиб, улар икки ҳафталик ташриф давомида Ўзбекистон Ички ишлар тизими, унинг тарихи ва бугунги кундаги ютуқлари билан яқиндан танишдилар.

Меҳмонлар ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг ички ишлар тизими тарихи ва Амир Темур давридаги хавфсизлик масалаларига қизиқиш билдиришди. Бу даврда давлат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ҳимояси муҳим ўрин тутган. Шунингдек, делегация замонавий технологиялар ва хавфсизлик чоралари билан таъминланган ИИБ бинолари ҳамда моддий техник база билан танишиш имконига эга бўлди.

Ташрифнинг еттинчи кунида меҳмонлар Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ва Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида бўлишди. Сафар давомида улар замонавий жиҳозлар, хавфсизлик технологиялари ва ички ишлар ходимларининг малака ошириш тизимлари билан танишдилар. Келгусида талабаларнинг билим алмашинуви ва тизимдаги бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Икки мамлакат ўртасидаги бундай ташрифлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва хавфсизлик соҳасида тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech