Хирмоннинг баракаси ҳар бир донда. Ғаллани талофатсиз омборга етиб бориши ИИББ ходимларининг назоратида
Маълумки, жорий йил мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун ҳам бирмунча синовли келди. Аммо, тадбиркор деҳқонларимиз ҳар қандай қийинчиликларни енгишга қодир. Фермерчиликда эса ютуқларнинг асосий сабабларидан бири, бу тинимсиз изланиш ва уддабуронлик билан иш юритиш ҳисобланади.
Жорий йилда Тошкент вилоятида 119 минг 195 гектар сувли майдонларига буғдой экилган бўлиб, ҳозирда барча майдонларда бошоқлар пишиб етилган. Ғалланинг навларига қараб, ўрим-йиғим ишлари ҳам бошлаб юборилган.
Шу ўрнидан таъкидлаш жоизки, ҳозирда вилоят ИИОларининг икки мингга яқин ходимлари карантин тадбирларида хизмат қилаётган бўлса, хирмонни ўз вақтида нест-нобут қилмай йиғиб олишда фермер хўжаликлари вакилларига ҳам яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар.
Хирмонни омборга ўз вақтида етказиш, талон тарожлик ва бошқа турли ҳолатларнинг олдини олиш, қолаверса, йиғим жараёнларида иштирок этувчи фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, бир гуруҳ ходимлар билан биргаликда ИИВ Академиясининг курсантлари тадбирларга фаол иштирок этиб туну кун хизмат қилмоқдалар.
Шунингдек, ўрим жойларида ички ишлар бўлими раҳбарлари томонидан, бу йўналишдаги ишларни ўз вақтида самарали ташкил этиш, пандемия бўлишига қарамасдан хирмонларни кечиктирмай йиғиб олиш ва хавфсизлик масалалари юзасидан, ходимларга кунлик йўриқномалар ўтказилиб, берилган зарурий топшириқларнинг ижроси назорат қилинмоқда.
Мазкур йиғим ишларини биргина Оққўрғон тумани мисолида оладиган бўлсак, ҳозирда
туманнинг 10 гектардан ортиқ майдонда ғалла ҳосили етиштирилмоқда. Бу ерлардан 34 тоннага яқин ҳосил йиғиб олиш режалаштирилган. Шундан, 31 500 тонна товар-дон, 2 минг тоннадан уруғлик ҳосилидир. Ҳосилни нест - нобуд қилмасдан ўз вақтида ўрим-йиғим ишларини бажариш мақсадида 27 та отряд шакллантирилиб, 27 та ўрим комбайнларига 54 нафар оператор бириктирилган бўлиб, уларга ҳам ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалий кўмак кўрсатилиб келинмоқда.
Ҳозирда туманнинг 13 та ҳудудида ғалла ўримлари давом этмоқда. Ҳосилдорлик даражаси ўртача 60-70 центнерни ташкил қилаётган бўлса-да, ўримда биринчилар қаторида «Озодлик» ҳамда «Т-Ислом» фермер хўжаликлари давлат шартномавий режаларини ортиғи билан бажардилар.
«Дон» топшириш корхонасида ҳам турли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ИИБ ходимлари томонидан тўлиқ назорат ўрнатилган бўлиб, хирмон қабул қилиш ишлари карантин қоидалари асосида амалга ошириб келинмоқда.
ИИББ Ахборот хизмати