22 Ноябр 2020 йил 388

Хавфсиз ҳудуд: 14 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланиб,11 000 дан ортиқ тиғли жисмлар олинган бўлса, 15 нафар қидирувдаги шахслар ушланди

Аввалроқ, Тошкент вилояти ҳудудида  Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Прокуратура, ДХХ, МГ ва вилоят ИИББ ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда қонунчиликни мустаҳкамлаш, криминоген ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, жамоат тартибни сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни жиловлаш мақсадида «Хавфсиз-ҳудуд» махсус тезкор-профилактик тадбири амалга оширилаётгани ҳақида хабар берилганди.

«Хавфсиз-ҳудуд» махсус тезкор-профилактик тадбири давомида вилоят ИИББ ППХ ва ЖТСБ томонидан амалга оширилган ишлар хусусида.

Жумладан, ушбу тадбир доирасида тунги ва кундузги вақтларда хизмат олиб бориш учун вилоят ИИОдан  1000 нафарга яқин, МГ ва бошқа жамоатчилик вакиллари жами 500 нафар ходимлар жалб этилди.

Тадбир давомида жами 13 650 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланган ва тегишли тартибда чора кўрилган.

(Шундан: майда безорилик-373 та, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш-2 873 та, карантин қоидаларини бузиш-5 457 та, ИИО ходимларига бўйсунмаслик-88 та, бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар-2 438 та, маъмурий назорат-13 та, фоҳишалик-113 та, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш-6 256 тани ташкил этган.)

Шунингдек, тадбир давомида ППХ ва тезкор хизмат ходимлари томонидан 15 нафар қидирувда бўлган шахслар аниқланиб, ушланган.

Бундан ташқари, махсус тадбир давомида аҳоли гавжум бўлган жамоат жойлари, таълим муассасалари ва бошқа жойларда ўтказилган тадбирлар давомида фуқаролардан жами 1 321 та турли кўринишдаги ўткир тиғли, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган жисмлар борлиги аниқланиб олинган бўлса, уларнинг 785 донаси пичоқ, 5 таси бита, 2 дона кастет ҳамда 529 дона бошқа кўринишдаги ўткир тиғли жисмларни ташкил қилган.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, ўтган 10 ой давомида вилоят ИИББ ППХ ва ЖТСБ ходимлари томонидан фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавфли бўлган тиғли ўткир кесувчи буюмлар олиб юрган 11 558 нафар фуқаролар аниқланган бўлиб, шулардан, 9 999 нафарида пичоқ, 18 нафарида кастет, 24 нафарида бита ва 1 517 нафарида бошқа тиғли предметлар олиб юрганлиги аниқланиб, улар билан тушунтириш ишлари ва профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Тошкент вилояти ҳудудида тезкор-тергов гуруҳлари таркибида кинолог ходимлар ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан воқеа жойларига чиқиб хизмат итлари ёрдамида 2 та қотиллик, 6 та ўғирлик, 1 та бошқа турдаги, 5 та гиёҳванд моддалари билан боғлиқ жиноятларни фош этиб, ушланган шахслардан жами 201 гр дан ортиқ марихуана гиёҳвандлик моддалари олинган.

Шу билан бирга, ИИБда рўйхатида турадиган шахсий ов қуролларнинг муомаласига оид қоидаларни бузиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида олиб борилган профилактик ишлари натижасида 349 дона шахсий ов қуроллари фуқаролардан вақтинчалик олинган, шулардан 335 нафарига белгиланган қоидаларни бузганлиги учун тегишли чора кўрилган. Бир нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Барча ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилган ва содир этилиши мумкин бўлган турли кўнгилсизлик ва жиноятларнинг олди олинган.

Ҳозирда тезкор тадбир Тошкент вилояти ҳудудида белгиланган режага асосан барча йўналишлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech