Фуқароларга қалбаки долларни "ўтказиб" кетган икки шахс қўлга олинди
Жорий йилнинг 21 январь куни Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига Бўстонлиқ туманида яшовчи икки нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Улар ўз аризасида «Чимён» дам олиш маскани ҳудудида уч нафар номаълум шахслар 3 та 100 АҚШ долларлик қалбаки купюрани 3 миллион 25 минг сўмга айирбошлаб номаълум томонга кетгани маълум қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора қўришни сўраган.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қайд этилган ҳолатни содир этганликда гумонланган уч нафар фуқаронинг шахси аниқланиб, бир соат ичида икки нафари ушланган.
Гумонланувчилар – Қўқон шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган И.К. ҳамда Данғара туманда яшовчи 1995 йилда туғилган А.А. эканлиги аниқланиб, улардан 4 та 100 АҚШ миқдоридаги қалбаки купюралар далилий ашё сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 176 моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, учинчи шахсни ушлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбири давом эттирилмоқда.
ИИББ Ахборот хизмати