3 Феврал 2021 йил 653

Ёшлар дастури амалда – ИИББ

Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ташаббуси билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама камол топишида кўмаклашишга қаратилган тантанали ёшлар тадбири бўлиб ўтди.

57 мактабда ташкил этилган тадбирда, вилоят ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари, шаҳар ҳокими ва бошқа ташкилот раҳбарлари мактаб ўқувчилари ва бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.

Кўтаринки кайфиятда бошланган учрашувда ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Хусусан ушбу тадбир ҳам улар учун мотивация бўлишини, ватанни севиш унинг ҳар бир қаричини асраш, қай соҳа бўлишидан қатъий назар ватанга хизмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фарзандининг бурчи бўлиши билан бирга фахр эканлигини таъкидлади. Ёшларга келажакдаги ишларига зафарлар тилаб, уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Ёшлар учун яна бир эътиборли жиҳати тенгдошлари бўлган ИИВ 2-сон Тошкент академик лицейи тингловчилари ва ўзбек жанг санъати спортчи ёшларининг чиқишлари  бўлди. Улар ҳам ўз навбатида жанговар ва кўргазмали чиқишлар намойиш этиб, ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар куйлади.

Шунингдек, тадбирда вилоят ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядининг дунё ареналарида юртимиз шаънини ҳимоя қилган чемпион ходимлари томонидан ҳам жанговар чиқишлари намойиш этилди.

Махсус автомашиналар ва зирҳли техникалар, қурол аслаҳалар намойишлари ёшларни янада ўзига тортиб, уларда ўзгача руҳият акс этишига сабаб бўлди. Улар ҳар бир техника ва қуроллар бўйича ўзларини қизиқтирган савол ва қизиқишларига мутахассислардан жавоблар олди.

Шу билан бирга, нафақат вилоят, балки республика миқёсида ўзининг санъати билан танилган хушовоз хонандаларнинг қуй-қўшиқлари тадбирни байрамона руҳга олиб чиқди.

Сўзга чиққан Нурафшон шаҳар ҳокими Музаффар Салиев бу каби тадбирлар ҳали кўплаб ташкил этилишини ва асосийси тадбирда ёшлар фаол иштирок этишини, раҳбарлар ва тадбир иштирокчилари билан мулоқотдан тортинмасдан улардан тажриба олишлари зарурлигини таъкидлади.

Тадбир давомида 4-5 нафар ёшлар билан суҳбатлашганини ва улар эшитган таклифларини кечиктирмасдан амалга оширишда шахсан бош бўлишини билдирди. Шунингдек, ушбу тадбирнинг фаол иштирокчиларига ҳокимлик ташаккурномаларини топширди.

Тадбир сўнгида ички ишлар Академияси ва хизматга кириш истагини билдирган ёшлар билан суҳбат ўтказилиб, уларга йўналиш ва тушунчалар берилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech