2 Сентябр 2020 йил 564

Чирчиқ шаҳрининг “Спортчилар” “Касаба уюшмалар” ва “Рудакий” кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади

Маълумки, Республикамизда бугун, 2 сентябр кунидан бошлаб 13 сентябрга қадар ОТМ кириш учун тест синовлари ўтказилади. Ушбу тест синовларида Тошкент вилоятидан жами 118 598 та абитуриент қатнашиши режалаштирилган.

Абитуриентлар вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан Тошкент шаҳрига келишини инобатга олган ҳолда ҳамда абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент вилоятининг барча туман-шаҳарлари марказларидан Тошкент шаҳар йўналиши  қўшимча транспорт воситалари билан таъминланади ҳамда уларнинг узлуксиз ҳаракатланиши йўлга қўйилади.

Карантин талаблари бутунлай бекор қилинмаганлиги, карантин чекловларига биноан кўпчиликнинг бир жойда тўпланиши хавфли эканлигини инобатга олган ҳолда, шунингдек тест синовлари даврида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тест синовлари олинадиган жойларда ота-оналар учун  кутиш жойлари ташкил этилмаслигини яна бир карра эслатиб ўтамиз.

Ота-оналардан фарзандларини уйда кутишларини, ёпилган кўчалар атрофида тўпланиб тирбандликлар юзага келишига сабабчи бўлмасликларини сўраймиз.

Шунингдек, вилоятнинг Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Чирчиқ Давлат педагогика университетларида амалий имтихонлар олиниши муносабати билан Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жойлашган ҳудудга олиб борувчи “Спортчилар” кўчасида транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Чирчиқ Давлат педагогика университет жойлашган ҳудудга олиб борувчи “Касаба уюшмалар” ва “Рудакий” кўчаларида транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Ҳаракат иштирокчиларидан юзага келган вазиятни тўғри англашларини ҳамда хизматга жалб этилган ички ишлар органлари ходимлари талабларини тўлиқ бажаришларини, ноўрин ҳатти ҳаракатлар содир этмасликларини сўраб қоламиз.

ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати

Text to speech