27 Август 2020 йил 668

Бўстонлиқ тумани ИИО Пробация ҳисобида турган 100 дан ортиқ маҳкумлар шартли равишда муддатидан олдин озод қилинган

27 август куни ўтказилган судда ИИО Пробация ҳисобида турган 16 нафар маҳкумлар шартли равишда муддатидан олдин озод этилди. Суд, туман суди раиси бошчилигида туман прокурорининг ёрдамчиси ва ИИО Пробация хизмати масъуллари ҳамда бир гуруҳ маҳкумлар иштирокида ўтказилди.

— Пробация хизмати томонидан жорий йил ўтган 8 ойи давомида ҳисобда турган шахслар билан олиб борилган тарғибот ишлари натижасида, тузалиш йўлига ўтган, қилмишлари нотўғри эканлигини тушуниб етган 112 нафар шахслар шартли равишда муддатидан олдин озод қилинди, -дейди Бўстонлиқ тумани ИИО Пробация хизмати катта инспектори подполковник Айгул Жаркинова. — Уларнинг 16 таси бугунги суд мажлисида озод қилинди. Бу уларнинг соғлом жамиятга тезроқ қайтишлари учун яна бир имкониятдир.

— Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида ўтказилган очиқ суд мажлисида, маҳкумларнинг суд томонидан белгиланган чекловларга амал қилганлиги, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги, шунингдек, оилавий турмуш шароитидаги ҳолатлари ва уларнинг пушаймонликлари эшитилиб, ИИО томонидан 16 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар қаноатлантирилди, -дейди Бўстонлиқ тумани ЖИБ суди раиси Фарҳод Ҳикматуллаев. — Шу ўринда таъкидлаш жоизки жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шу каби тамойиллар асосида юздан ортиқ маҳкумлар шартли озод қилинган бўлса, 85 нафар ЖИЭ муассасаларда жазо ўтаётган маҳкумларнинг жазоси енгилроғига алмаштирилиб, озодликка чиқарилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech