Қаҳрамон Қуронбоев иштирокида секторлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва уларни баҳолаш мезонлари кўриб чиқилди
Бугун, 24 март куни Тошкент вилояти ИИББда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан семинар йиғилиш ўтказилди. Унда Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев ва мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Семинар вилоят, туман (шаҳар) 3 сектор раҳбар ва котиблари фаолиятини баҳолаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланди.
Семинарда сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг 2021 йил январь-февраль ойлари рейтинг натижалари муҳокама қилиниб, Чирчиқ шаҳар 3 сектор мисолида кўриб чиқилди. Шунингдек, баҳолашнинг янги ташкил этилган рейтинг кўрсаткичлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Шакллантирилган рейтинг асосида 3 сектордаги ортда қолаётган кўрсаткичларни аниқлаш ва кейинги чоракларда уларни яхшилаш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, фаолиятни аниқ режалаштириш имкони яратилди.
Таҳлиллардан, сектор масъуллари учун ҳисобот даврида эришилиши лозим бўлган кўрсаткичлар аввалдан белгилаб берилган тақдирда, улар томонидан аниқ режалаштирилган тадбирлар асосида тегишли кўрсаткичларга эришиш имконияти бир неча баробар ошиши маълум бўлди.
Семинар давомида сектор раҳбарларининг «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли қатлами билан ишлаш тизимини янада жонлантириш, уларни дафтардан чиқариш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, фикрлар билдирилди.
Шунингдек, тадбирда Агентлик томонидан ишлаб чиқилган Давлат хизматчилари малакасини ошириб бориш платформаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сектор фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ўз устида ишлаши учун сиёсий (маърифат) соатлари, малака ошириш бўйича курслари ва бошқа қирққа яқин онлайн видео ўқув курслар жойланганлиги тушунтирилди. Платформада электрон кутубхона, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар базаси мавжудлиги, бу эса ходимларнинг ҳуқуқий онгини янада мустаҳкамлашда асосий кўмакчи бўлиши айтиб ўтилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этиб, жараёнларни кузатиб боришди.
ИИББ Ахборот хизмати