Ангрен шаҳрида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди
Кеча, 25 сентябрь куни Ангрен шаҳридаги ҳарбий қисмда Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти иштирокида «Жасорат мактаби» ўқув йиғинидаги 100 нафар ҳамда пробация рўйхатида турган 141 нафар ёшлар билан «Раҳбар ва ёшлар» очиқ мулоқоти ўтказилди.
Учрашув дастурида ИИББ Кинология хизмати ходимлари томонидан гиёҳвандлик моддаларини аниқлаш бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, тезкор сафарбарлик отрядининг жанговар чиқишлари, ҳарбий қисм қуроллари ҳамда эксперт-криминалистика марказининг техник воситалари тақдимоти ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкилот иштирокида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва бўш иш ўрни таклиф қилинди.
Мулоқот савол-жавоб тарзида олиб борилиб, ёшларнинг қатор муаммолари жойида ҳал этилди, бир қисми эса масъуллар назоратига олинди. Тадбир якунида 16 ёшга тўлган 5 нафар ёшларга ИД карталари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, «Жасорат мактаби»да фаол иштирок этган 18 нафар ёшлар эсдалик совғалар билан тақдирланди.