15 Ноябр 2024 йил 1065

Академиянинг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш бўйича эълон

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига 2025/2026-ўқув йили учун ўқишга ҳужжат топшириш истагида бўлган, Тошкент вилоятида доимий рўйхатда туриб, яшаб келаётган, ёши ўн еттидан кичик (қабул йилида ўн етти ёшга тўладиганлар) ва йигирма бешдан катта бўлмаган умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал маълумотга эга фуқаролар 2024 йилнинг 15 ноябрь кунидан 2025 йилнинг 15 февраль кунига қадар Тошкент вилояти ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматига мурожаат этишлари мумкин.

Бунда, эркак номзоднинг бўйи 165 сантиметрдан, аёл номзоднинг бўйи 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги талаб этилади.

Академияда ўқиш муддати уч йил бўлиб, ички ишлар органларининг қуйидаги мутахассисларни тайёрлаб беради:

-Тезкор-қидирув фаолияти;

-Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти;

-Эксперт-криминалистика фаолияти;

-Пробация фаолияти;

- Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш фаолияти;

- Ташкилий-штаб йўналишлари бўйича;

- Жазони ижро этиш фаолияти.

Ўқишни тамомлаган курсантларга юрист малакаси ва лейтенант махсус унвонлари берилади. Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилиб, у ўз ичига дастлабки танлов, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбатни олади. Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.

Дастлабки танлов ўз ичига ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларини олиб, ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Махсус касбий танлов ўз ичига ҳужжатларни ўрганиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш жараёнларини олиб, Академияда қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан амалга оширилади.

Якка тартибдаги якуний суҳбат ўз ичига Ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи ва Тарбия фанларидан номзодларнинг билимини баҳолаш жараёнларини олиб, академияда қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.

Эслатма: Академиянинг кундузги таълим шаклига ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган фуқаролар умумий квотанинг ўн фоизи бўйича қабул қилинади! Тўлиқ маълумотлар учун ИИВ Академияси кундузги бўлимига ўқишга қабул қилиш бўйича Телеграмдаги гуруҳга аъзо бўлинг https://t.me/TV_AKADEMIYA_2025


Манзил: Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Янгиобод МФЙ Янгиобод кўчаси Тошкент вилояти ИИББ янги маъмурий биноси. Мўлжал: Нурафшон шаҳридаги Президент мактаби.

 

Text to speech