Ҳайдовчилар ва йўл ҳаракати иштирокчилари диққатига
Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига, жумладан, йўл–транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини, йўлларнинг аҳволини яхшилаш ҳамда «йўл ҳаракати қоидалари» талабларини фуқароларга етказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ушбу амалий ишлар давом сифатида вилоят ҳудудида бугун 15 март кунидан 15 апрель кунигача «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» тезкор-профилактик тадбири ўтказилади.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, транспорт ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, транспорт воситаларининг техник тайёргарлигини яхшилаш ва ушбу масалаларга кенг жамоатчиликнинг, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратиш мазкур ойликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Тадбир давомида махсус гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан қоидабузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида махсус рейдлар ўтказилади. Аниқланган қоидабузарликлар меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, уларни қайта содир этилмаслик чоралари кўрилади.
Албатта, бу каби тадбирлар йил давомида ўтказиб келинади. Аммо, ойлик доирасида бу ишларга кенг жамоатчиликни жалб этиш орқали таъсир чораларини кучайтириш режалаштирилган.
Шундай экан, ҳар бир ҳаракат иштирокчиси ўзининг ва ўзгаларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигини унутмаслиги лозим.