8 Март 2020 йил 1675

“8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди

Бир гуруҳ ички ишлар органлари ходималари махсус унвон, фахрий ёрлиқ, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шу ўринда ушбу сана тарихига назар ташласак. Манбаларда сана XIX аср ўрталари билан боғланган. Бу кун аёлларнинг муаммолари, уларга эътибор, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бу орқали жамиятда аёллар ролини ошириш ва эркаклар ва аёллар тенглигини яратиш билан тарихда қолган. Кейинчалик йиллар ўтиб буни 1977-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзо-давлатларга бутун дунё бўйлаб аёллар тенг ҳуқуқлилигини тарғиб қилиш учун исталган бирор кунни танлашни таклиф этган ва 8 март танланган.

Шу билан бирга, бизнинг ота-боболаримиз, давлатчилигимиз, азалий урф-одатларимиз ва тарихимизда ҳам аёлларга эҳтиром руҳи сақланиб, ҳозирда ушбу сана билан уйғунлашган. Аслида бизнинг тарихимизда бу сана узоқ асрларга бориб тақалади.

Жумладан, сана муносабати ва хотин-қизларга эҳтиром белгиси сифатида кеча, 7 март куни Тошкент вилояти ИИББ томонидан тантанали байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда бош бошқарма раҳбарияти ҳамда ходимлар билан бир сафда хизмат қилаётган матонатли ва латофатли соҳавий хизмат ходималари иштирок этди.

Ноодатий тарзда бошланган тадбирда, ходималар гуллар ва мусиқа садолари остида кутиб олинди. Уларнинг кўзларидаги қувонч ва юзларидаги табассуми тадбирнинг позитив кайфиятда ўтишига замин яратди.

Тантанада иштирок этган бош бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник Алиаҳмед Чориев, машаққатли ва шу билан бирга шарафли касбда хизмат қилаётган ходималарни байрам билан қутлаб, уларга Ички ишлар вазирлиги ҳамда бош бошқарма бошлиғининг байрам совғалари ва фахрий ёрлиқларини топширди.

Жумладан, муддатидан олдин рағбатлантириш тариқасида, майор Феруза Мирҳаитовага “подполковник” махсус унвони берилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан 14 нафар, бош бошқарма томонидан 9 нафар ходималар “Фахрий ёрлиғи” ва пул мукофотлари, шу билан бирга, ўз хизмат вазифаларини ситқи дилдан бажариб, юклатилган вазифаларга виждонан ёндашганликлари учун 600 нафар ходимлар пул мукофоти билан рағбатлантирилган бўлса, бир гуруҳ ходимларнинг илгари берилган “интизомий жазо”лари муддатидан олдин олинди.

– Аёл бари бир аёл, қайси соҳада ёки қайси касбда фаолият юритмасин аёллик латофати юзларида сезилиб туриши керак. Бугун мен учун қўшалоқ байрам. Жудаям хурсандман, хизматимиз юқори баҳоланиб муддатидан олдин унвонлар берилди, -дейди Феруза Мирҳаитова. -Бу эътироф билан бирга менга янада ўз устимда ишлашга масъулият юклайди. Бугунги ташкил этилган байрам эса ундан-да чиройли. Барчаси учун раҳбариятимизга миннатдорчилик билдираман. Фурсатдан фойдаланиб, барча ички ишлар органлари ходималарини ва улар орқали Ўзбекистон хотин-қизларини байрам билан муборакбод этаман.

Тантананинг тақдирлаш қисмидан сўнг, ҳуш кайфиятда бадиий қисм давом эттирилди. Шеър айтиб, қўшиқ куйлаб, рақсларда хиром айлаб, ўзлари ва ҳамкасбларини янада хурсанд қилишди.

Бош бошқарма Ахборот хизмати томонидан анъанага айланган, ҳар тадбир ва байрамларда креатив ёндашилиб тайёрланаётган видео лавҳалар ва бу сафар бошлаб берилган #chеllenge экранлар орқали байрам туҳфаси сифатида намойиш этилган-да, барчанинг кайфияти максимал даражага кўтарилди. Байрамона кайфиятни улар ўзлари билан ҳатто хонадонларига олиб кетишди.

Шу ўринда, шоира Зулфия Мўминованинг сатрлари ёдга тушди. 

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Деманг, юрибди-ку кулиб жилмайиб.

Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,

Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Гар кўзлари кулиб турса-да,

Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,

Ой юзлари кулиб турса-да...

Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларни ва улар орқали барча мўтабар онахон ва опа-сингилларимизни, Баҳорнинг илк айёми “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” билан яна бир бор муборакбод этамиз.

Охунжон Мустафоев,

ИИББ Ахборот хизмати ходими, сафдор, журналист

Text to speech