7 сониялик жанг
Ёхуд 26 ёшли ИИО ходимининг спортдаги 20 йиллик фаолияти ҳақида
Кичик сержант Мадина Эргашева − 1994 йилда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида туғилган. У 20 йилдан буён спортнинг таэквондо, бокс ва қўл жанги турлари билан шуғулланиб келади. Бир неча карра Ўзбекистон ва Осиё, икки карра Европа ва жаҳон чемпиони. Спортнинг таэквондо ва қўл жанги турлари бўйича спорт устаси ҳам. Мадина ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат қилади. Хизмати давомида «алвон беред» махсус унвони билан тақдирланган.
Аксарият ҳолларда оила боши биринчи фарзанди ўғил туғилишини, ёнига кириб, турмушда елкадош бўлишини ният қилади, шундай эмасми? Раҳмонжон аканинг тўнғичи эса, ширингина қизалоқ бўлди. Ота-онаси ҳам моҳир спортчи бўлган бу қизалоқ йиллар ўтгани сайин ўзининг дадил ҳаракатлари билан отани ҳайратга соларди. Шунда Раҳмонжон ака кўзининг оқу қорасида ўзининг ёшлигини кўра олди.
Гарчи Мадина эндигина 6 ёшга тўлган бўлсада, ўз тенгдошларига нисбатан анча дадил ва чаққон, зеҳни ҳам ўткир бўлиб улғайди. Ота-она унинг ўйинқароқлигию, спортга бўлган қизиқишини кўриб, спорт билан шуғулланиши учун замин ярата бошлади.
Муносиб эътибор ва шароит натижаси туфайли ҳозирда спортнинг таэквондо, бокс, қўл жанги турларида бир неча марта Ўзбекистон ва Осиё, икки карра Европа ва жаҳон чемпиони, спорт устаси ҳамда эгнига халқ ва ватан ҳимояси учун либос қийган, «алвон беред» соҳибаси – Мадина Раҳмонжон қизи эл назарига тушди.
– Мен спортда эришган натижаларимдан ҳеч қачон қониқмаганман ва олдимга янада катта марраларни қўйганман, - дейди Мадина. - Деярли олти ёшимдан буён спорт билан шуғулланаман. Бошланишига спортнинг таэквондо тури билан, кейинчалик эса бокс ҳамда қўл жанги билан шуғуллана бошладим. Спорт учун туғилганман, спорт билан яшайман, десам ҳам муболаға бўлмайди.
Спорт – менинг тўқсон икки томиримда қон бўлиб боқади. Ота-онам ҳам спортчи. Дадам спорт устаси, онам эса оғир атлетика билан шуғулланганлар. Болалигим бошқа болалардек ўйинлар ёки ўйинчоқлар орасида эмас, фақат спорт билан ўтган.
Мадина ютуқлари ҳақида гапирар экан, ўзи шуғулланадиган спорт турлари бўйича ҳали Ўзбекистонда бирор марта ҳам ютқазмагани ва дунё ареналарида ҳам натижалари ижобий эканлигини айтаётганида унда тоғлар виқоридек мағрурлик ва ўзгача шаҳд сезилиб турарди.
У биринчи марта 2007 йили 13 ёшида мамлакат миқёсида ўтказилган мусобақада таэквондо бўйича биринчиликни қўлга киритди. Кейинчалик, 2009 йилда Сочи шаҳрида ўтказилган Европа чемпионатида ҳам таэквондо бўйича биринчиликни қўлга киритиб, олтин медаль соҳибаси бўлди, боши узра байроғимизни баланд кўтарди. 2012 йилда эса, Жаҳон биринчилигини қўлга киритди.
Вақт ўтиб, у спортнинг бокс тури билан шуғуллана бошлади. Метин иродаси, шаҳди туфайли 2014 йилда бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Лекин Мадина шунда ҳам таэквондо билан шуғулланишни ҳам канда қилмади. Беш йил давомида бокс билан шуғулланган бўлсада, 2016 йилдан бошлаб қўл жанги билан шуғулланишни бошлади.
Қўл жанги бўйича 2015-2020 йилларда Ўзбекистон, 2017 йилда Осиё ва 2019 йилда Европа ва жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлди. 2020 йилдаги чемпионатда эса иккинчи ўрин насиб қилди. Шу каби 2018 йилда ҳам кумуш медаль олганини айтиб ўтди. Мадинанинг энг қисқа давом этган жанги 7 сонияни ташкил этган. Энг узоғи эса, 2020 йилда 15 дақиқа давом этган. Рақиби кучли ва оғир вазнли эди, аммо, ўзига ишонган, матонатли ўзбек қизи унга таслим бўлмади.
- Болалигимда ҳарбийларни ёки улар ҳақида фильмларни, айниқса, “спецназ” – тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларини кўрсам, албатта, шулардек бўламан, дер эканман онамга – дея таъкидлайди яна у. – Аммо онам мени кўпроқ шифокор бўлишимни истаган.
Аслида ички ишлар органларига кириб келишимга ҳам бевосита спортнинг ўрни жуда катта. Чунки, айнан кўрсатган натижаларим, ўз бўлсада, эришган ютуқларим, ёшликдаги қизиқиш ички ишлар ходими бўлишимга катта туртки бўлди. Ҳозиргача эслайманки, мусобақага тайёргарлик кўраётганимда ИИВ масъул раҳбари мени кўриб, анча суҳбатлашган. Кейин ички ишлар тизимига хизматга қабул қилиш бўйича таклиф билдирган ва мен буни жон деб қабул қилганман. Бу энг аввало ёшликдаги орзуйим бўлса, бошқа тарафдан мен учун шарафли касб бўлиб келган.
Бу соҳада иш бошлаганимдан то ҳозиргача юзга яқин йигитлар билан бирга хизмат қилиб келаман. 2014-2016 йиллар ИИВ Қоровул қўшинлари 7534-ҳарбий қисмда, 2016 йилдан шу кунга қадар Тошкент вилояти ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядида хизмат қилиб келяпман...
Мадина шунингдек, устозлари ҳақида жуда илиқ фикрларни билдирди. У энг биринчи устози отаси бўлганлигини, шу билан бирга ушбу натижаларга эришишига 10 яқин мураббийларининг ҳиссаси беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади. Суҳбат сўнгида камтарлик билан Ангрен шаҳрида жойлашган мактабларининг бирида ўнлаб шогирдлар етиштирганини айтиб ўтди.
Юқорида айтилганидек, кичик сержант Мадина Эргашеванинг энг қисқа жанги 7 сония давом этган. Чемпион қиз 7 сонияда шоҳсупани нақд қилган. 7 сониялик ғалабанинг завқи, шавқу сурури ҳам бўлакча албатта. 26 ёшли ички ишлар органлари ходимасининг спортдаги 20 йиллик фаолияти ҳақида сўз кетса, унинг ушбу ғалабаси албатта, тилга олинади, Мадина Эргашеванинг спорт дафтарига зарҳал ҳарфлар билан битилади.
Доимо изланишда бўлган, ўз устида ишлаган, катта марраларни кўзлаган инсон албатта ўз мақсадига эришади. Энг асосийси: хоҳиш, ирода, мустаҳкам ишонч, ҳаракат ва натижа.
Охунжон Мустафоев