4 Декабр 2020 йил 463

30 кг гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинди

Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ томонидан гиёҳвандлик моддаларнинг суистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича мунтазам амалий чоралар кўриб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар Тошкент вилояти ҳудудида ўтказилган тезкор профилактик тадбир давомида, гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш, етиштириш, сотиш, истеъмол қилиш билан боғлиқ 62 та ҳолат аниқланиб, натижада 30,5 кг гиёҳванд моддалари ноқонуний муомаладан олинган.

Шунингдек, психотроп ва кучли таъсир қилувчи ҳолатлар билан боғлиқ тўрт ҳолат аниқланган.

Биринчи ҳолат. Наманган шаҳрида яшовчи 37 ёшли С.Х. ҳамда 34 ёшли А.Ў. лар ўзларининг Lacetti автомашиналарида Наманган-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Ҳаракат давомида автотранспорт воситалари «Чинор» ЙПХ масканида холислар иштирокида кўздан кўздан кечирилади. Ҳар икки автомашина юкхонаси ва салонида тахминий нархи 2 миллиард сўмга тенг бўлган бир неча турдаги дори воситалари ҳеч қандай ҳужжатсиз пойтахтга олиб келинаётганлиги аниқланган ва тегишли чора кўрилган.

Иккинчи ҳолат. Тошкент шаҳрида яшовчи 44 ёшли Гулмира шартли харидорга 2 дона лирика кучли таъсир қилувчи дори воситасини 100 минг сўмга сотган вақтида холислар иштирокида қўлга олинган. Унинг ёнидан 4 дона лирика дори воситалари борлиги аниқланиб далилий ашё сифатида олинган. Ҳолат юзасидан Г.Т. га нисбатан Тошкент тумани ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 251-1-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Учинчи ҳолат. Учтепа туманида яшовчи Комил исмли шахс 480 000 сўм эвазига 40 дона «Трамадол ланнахер» гиёҳвандлик дори воситаларини сотаётган вақтида ушланган. Манбани аниқлаш ва жиноят занжирига чек қўйиш мақсадида тадбир давом эттирилган ва Комилга дори етказиб берувчи Акромхон далилий ашё билан ушланган.

Тўртинчи ҳолат. Хоразм вилоятида яшовчи Камронбек А. ва Тошкент шаҳрида яшовчи Азим Г. лар шартли харидорга 540 дона «Трамадол ланнахер» гиёҳвандлик дори воситасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан холислар иштирокида қўлга олинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан, ушланган тўрт нафар шахсларга нисбатан ҳудудий ИИБ Тергов бўлимлари томонидан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИББ Ахборот хизмати.

Text to speech