16 Феврал 2021 йил 1098

20 йилдан буён Россияда қидирувда бўлган автомобиль Тошкент вилоятида сақлаб келинганилиги аниқланди

Россия Федерациясида бири 20 йил иккинчиси 10 йил мобайнида қидирувда бўлган транспорт воситалари Қибрай ва Тошкент туманларида сақлаб келинаётганлиги маълум бўлди. Иш терговга ўтказилди.

Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига Қибрай туманида яшовчи фуқаро Ғ.С. ариза билан мурожаат қилган. У мурожаатида ўзига тегишли "Ваз-2106" транспорт воситасини узоқ йиллар уйида сақлаб келганлиги, илгари фуқаролиги бўлмаганлигини сабабли фуқаролиги йўқ шахсларга бериладиган давлат рақам белгисини олганлигини маълум қилган. Ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганини учун тегишли тартибда транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасини алмаштириб, бошқа давлат рақам белгиси беришни сўраган.

Ушбу транспорт воситасига тегишли маълумотларни ва транспорт воситасини агрегат рақамларини Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг «Ягона автоматлаштирилган ҳисоб тизими»дан текширганида автомобиль  2000 йилнинг 12 март кунида Россия Федерациясининг Оренбург шаҳридан олиб қочилганлиги ҳамда қидирувда эканлиги аниқланган.

Шунингдек, Тошкент туманида яшовчи фуқаро И.А. сотиб олган «ГАЗ-330202» русумли юк транспорт воситасини расмийлаштириш учун ДЙҲХХга олиб келган. Ушбу автомобилнинг ҳам агрегат рақамлари текширилган. Натижада транспорт воситаси  2011 йилда бери қидирувда эканлиги, уни номаълум шахслар Россия Федерациядан олиб қочганликлари маълум бўлган.

Ҳозирги кунда ҳар иккала ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли хулоса қилиш учун тергов органига топширилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech