1 млрд сўмлик пиротехника воситасини муомаласига чек қўйилди
Тошкент вилояти ИИББ соҳавий хизмат ходимлари томонидан вилоят ҳудудида пиротехника маҳсулотларини ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор профилактик чора-тадбирлар, назорат-рейд тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Мисол учун, 14 декабрь куни Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро 1985 y.t. X.M. (аёл) пиротехника воситасини шартли харидорга сотаётган вақтида далилий ашё билан ушланди. Ушбу шахснинг «Янгифаровон» МФЙда жойлашган яшаш хонадони ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, жами 26 642 дона турли ҳажм ва кўринишдаги пиротехника воситасини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Шу каби ўтган 60 кун мобайнида вилоят ИИББ ходимлари томонидан пиротехника маҳсулотларини ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 1 020 та ҳолат аниқланган бўлиб, тадбирлар давомида умумий қиймати 1 млрд 23 млн сўмлик жами 874 590 дона пиротехника воситаси далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Тадбир давомида пиротехника воситаларини ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи 420 нафар шахсга нисбатан маъмурий чора кўриш учун ҳужжатлар судга юборилган бўлса, 596 та ҳолат кўриб чиқиш учун Вояга етмаганлар комиссиясига юборилди. 4 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди.
ИИББ Ахборот хизмати