23 Августа 2025 год 414

Результаты оперативно-профилактических мероприятий проведённых ГУВД Ташкентской области при участии взаимодействующих организаций

Республикамиз ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида ички ишлар органлари томонидан тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йил 15 июлдан 15 августга қадар Тошкент вилояти ҳудудида «Хавфсиз ва соғлом юрт» шиори остида кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларнинг иккинчи босқичи ўтказилди.

Ушбу тадбирлар доирасида криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, умуман жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Натижада гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 298 та ҳолат аниқланди. Тадбирлар давомида 46,6 кг гиёҳвандлик воситаси ҳамда 40 минг 271 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси муомаладан олинди. Наркотик моддаларни тарғиб қилувчи мингдан ортиқ чизилган граффити ёзуви аниқланиб, ўчирилди. Шунингдек, кучли таъсир қилувчи дори ва синтетик гиёҳвандлик воситалари закладкаси билан шуғулланган 28 нафар шахс ушланди.

Шу билан бирга, 14 дона ўқ отар, 25 дона пневматик қурол ва 63 дона ўқ-дорилар далилий ашё сифатида мусодара қилинди. Маҳаллалардаги ўғирлик жиноятининг олдини олиш мақсадида хонадонлар, автотураргоҳлар ва жамоат жойларига кузатув камералари ўрнатилди. 2 300 дан ортиқ ҳолатда ноқонуний сақланаётган совуқ қурол аниқланиб, 2 392 та ўткир тиғли жисм тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинди.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижасида 64 мингдан зиёд қоидабузарлик ҳолати қайд этилди, шундан 27 мингдан ортиғи қўпол турдаги қоидабузарлик бўлиб, 672 та ҳолатда ҳайдовчилар маст ҳолатда транспорт воситасини бошқаргани, 4 минг та ҳолатда эса ҳайдовчилар тегишли ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқаргани аниқланди.

Қўриқлаш хизмати бўйича 3 минг 907 та объект, шу билан бирга 5 минг 508 та хонадон ва 952 та ижтимоий муассаса техник қўриқловга олинди. Шунингдек, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 117 нафар қидирувда бўлган шахс қўлга олиниб, 67 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилди ва оилаларига қайтарилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги профилактик ва тезкор тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Text to speech