Ички ишлар вазирлиги томонидан Республика бўйича ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт » тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги тезкор тадбирда икки шахс одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинди .
Аниқланишича , Қибрай туманида яшовчи , 1991 йилда туғилган (Э .К .) аёл Туркияда яшовчи танишлари билан жиноий тил бириктириб , осон даромад орттириш мақсадида Янгийўл туманида яшовчи 26 ва 33 ёшли икки аёлни алдов йўли билан чет элга юборишга уринган .
Уларни мўмай даромад топишга ишонтириб , Тошкент халқаро аэропорти орқали Истанбул шаҳрига фоҳишалик учун юбораётган вақтида тезкор ходимлар томонидан далилий ашёлар билан ушланди . Кейинроқ маълум бўлишича , жабрланувчи 2 нафар аёлни Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшовчи бошқа ўзбекистонликлар кутиб олиши керак бўлган .
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси — «Одам савдоси » билан жиноят иши қўзғатилган . Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда .
Шунингдек , жиноятга алоқадор бошқа шахсларнинг шахсини аниқлаш ва уларни терговга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда .