28 Октябр 2025 йил 314

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан назорат ишлари изчил давом этмоқда

Тошкент вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш мақсадида вилоят ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ортиқ Худайбергенов Янгийўл туманида бўлиб, «қизил» тоифадаги маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борди.

Жумладан, «Жамбул» маҳалласида олиб борилган ўрганишлар давомида ички ишлар органлари ва маҳалла еттилигининг фаолияти таҳлил қилиниб, амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Натижадорликни ошириш юзасидан зарур тавсиялар берилди ва аниқ вазифалар белгиланди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий хавф омилларини камайтириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди. Ичкиликка ружу қўйган, гиёҳвандликка мойил ҳамда руҳий носоғлом шахсларни даволаш ва реабилитация қилиш ишлари йўлга қўйилган. Бу борада тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. “Рақамли хавфсиз маҳалла” лойиҳаси асосида кузатув тизимлари такомиллаштирилмоқда ҳамда жиноятчиликка доир маълумотларни тезкор таҳлил қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

Шунингдек, вилоятда ўтказилаётган “Соғлом авлод – хавфсиз жамият” тезкор-профилактик тадбири доирасидаги фаолият ҳам кўриб чиқилди. Тадбирларни янада самарали ва уюшган тарзда ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Тошкент вилоятида «қизил» тоифадаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш борасидаги изчил чора-тадбирлар давом этмоқда.

Text to speech